Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Зарафшон шаҳар ҳокими А.Раджабовнинг табриги

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан Зарафшон шаҳар ҳокими А.Раджабовнинг табриги

Ассалому алайкум қадрли ҳамшаҳарлар!
Сизларни улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, бундан беш йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилинган эди ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар бошланган. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда.
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.
Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

2021 йилнинг 24 октябрь куни ҳам тарихий воқеалардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилди. Ана шу жараёнда фидоийлик, масъулият билан фаол иштирок этган барча участка сайлов участка аъзоларига ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Чунки сайлов жараёнлари шаҳримизда кўтаринки кайфиятда ҳамда намунали тарзда ташкил этилди. Айниқса, бунда асосий ролни ёшлар ташкил этгани жуда қувонарли ҳолат. Фуқароларимизнинг ҳам ҳуқуқий онги ва маданияти ривожланганини сайлов жараёнидаги фаолликларидан сезилиб турди.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.
Аввало, Асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.
Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда.
Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратишимиз зарур. “Қонун – устувор, жиноятга – жазо муқаррар” деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилади.
Муҳтарам нуронийларимиз, ҳурматли хотин-қизларимиз, азиз ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларимизда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш биз учун бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.
Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир.
Мана шундай эзгу ва шарафли мақсад йўлида кексаю ёш барча ватандошларимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиладилар, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга чиқадилар, деб ишонаман.
Сизларни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.
Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин!
Барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech