Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабовнинг шаҳар аҳолисига Қурбон ҳайити байрами муносабати билан йўллаган табриги

Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Раджабовнинг шаҳар аҳолисига Қурбон ҳайити байрами муносабати билан йўллаган табриги


Ассалому алайкум, қадрли ҳамшаҳарлар, азиз зарафшонликлар!
Хонадонимиз фаришталари бўлган нуроний отахону-онахонлар!
     Аввало, мен Сизларни, Сизлар орқали бутун мамлакатимиз халқини муқаддас айём—Қурбон ҳайити байрами билан чин юракдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу қутлуғ айём кунларида сизларга тинчлик, омонлик ва оилаларингизга фаровонлик тилашдан беҳад мамнунман. Қурбон ҳайитини дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори шаҳримиз мўмин-мусулмонлари ҳам ўзгача қувонч, алоҳида шодлик ва шукроналик билан ўз хонадонларида нишонлашида ҳам катта бир рамзий маъно бор. Чунки ушбу кунда Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда бўлган қалбларимиз шавқланадиган ажойиб кундир.
 Минг шукрки, истиқлол йилларида халқимизнинг муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Рамазон ва Қурбон ҳайити айёмларини умумхалқ байрами сифатида кўтаринки руҳда нишонланиши эса сизу-бизнинг қалбимизга юксак ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлайди. Ушбу муборак кунларда етим-есир, ёлғиз кексалар, ногирон ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламидан ҳол-аҳвол сўраш, уларга беғараз мурувват ёрдами кўрсатиш миллий қадрият сифатида кенг қулоч ёзди. Жумладан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Зарафшонда ҳам ана шундай хайрли тадбирлар амалга оширилиб, кемтик кўнгилларга қувонч ва шодлик улашилмоқда. Муборак Қурбон ҳайитининг  маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат ҳамда олийжаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамияти худди шу савобли амалларда яққол намоён бўлмоқда. 
      Маълумки, коронавирус инфекцияси бутун дунёни ташвишга солаётган бир пайитда Ўзбекистонда ҳам ушбу офатдан халқимизни муҳофазалаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Бугунги синовли кунларда юртдошларимиз бир тан-у, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан қарши курашмоқда. Мана шундай вазиятда халқимизнинг иродаси яна бир бор синовдан ўтаяпти. 
      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 24 июлда эълон қилинган «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорини кўп миллатли халқимиз катта қувонч билан қарши олди. Унга кўра, байрамни ўз хонадонимизда, оиламиз бағрида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказишимиз, байрам кайфиятини янада оширишига, ушбу айёмни янада мазмунли бўлиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда. 
     Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Шаҳримизда ҳам салмоқли, эътирофли ўзгаришлар барчамизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлаётганини улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилаётган янги корхоналар фаолияти, маҳаллий тадбиркорларимизнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссалари, шунингдек, фарзандларимизнинг илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қўлга киритаётган оламшумул ютуқлари мисолида ҳам илғаш қийин эмас. Эришаётган ютуқларимиз, халқимиз турмуш даражасининг тобора яхшиланиб бораётгани, шаҳримиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришлар бу йилги байрамга алоҳида файз ва тароват бағишламоқда.  
     Азиз ҳамшаҳарлар!
     Барчангизни Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман. Хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, ўзларингизга мустаҳкам соғлик, амалга ошираётган ишларингизга файзу барака тилайман!
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech