Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Исраилович Раҳмановнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан байрам табриги


Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз меҳмонлари!
Аввало, Сиз азизларни, Сизлар орқали барча Зарафшон аҳлини   энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Шу кунларда кўп миллатли халқимиз Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик шодиёналарини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлашмоқда.
  Мустақиллигимизнинг жорий  йилда  “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!”  деган  эзгу  ғоя асосида нишонланиш замирида ҳам Ватанимизда мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этишдек  улуғвор мақсадлар мужассамдир.
Азиз зарафшонликлар!
2023 йилга Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили ” деб ном берилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Шу нуқтаи назардан шаҳримизда инсон қадрини улуғлашга, уларнинг муносиб шароитларда яшашлари учун имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Aйрим рақамларга тўхталадиган бўлсак, шаҳримизда саноат маҳсулотлари ҳажми 320,0 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,6 фоизга ўсди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 129,6 миллиард сўмни, асосий капиталга инвестицияларни жалб қилиш 1483,9 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 115,3 фоизга ўсган. Аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари сонини ўтган йилга нисбатан 4 баробарга ошириш мақсадида жорий  йилда 395 та, шундан жами 167 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Шаҳарда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5957 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилган бўлиб, шундан қурилиш, транспорт ва коммунал соҳаси бўйича 799 та иш ўрни, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисоби бўйича
287 та, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисоби бўйича 4862 та иш ўринлари яратилди.
Зарафшонда бугунги кунда нафақат йирик ишлаб чиқариш корхоналари, балки кичик бизнес субъектлари хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Шаҳримизда 27,5 миллион АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, шаҳарда маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил мобайнида қиймати 451,8 миллиард сўмлик 4 та лойиҳа шакллантирилиб ишга туширилди. Ҳудуддаги мавжуд маҳаллий ва хорижий инвестициялар эвазига қуриб, ишга туширилган “ZARAFSHON OYNA” МЧЖ томонидан бугунги кунда аҳоли иш билан таъминланиб йилига 250 миллиардлик шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Зарафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикасидаги биринчи шамол турбинаси ўрнатилди. Ушбу йирик лойиҳа доирасида жами 111 та шамол турбинаси ўрнатилиб 500 МВт қувватга эга лойиҳа натижасида 500 мингта хонадонга етарли ҳажмда электр энергияни ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бугун шаҳримизда деярли барча сохаларда бўлаётган ижобий ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ, бунда кўплаб фидоий инсонларнинг ҳиссаси бор албатта. “Навоий кон металургия комбинати” АЖ МКБ директори Элмурод Худойназаровичга, Зарафшон қурилиш бошқармаси директори Али Амановичга, “НКМК Жамғармаси” Давлат муассасаси раҳбари Алишер Тагаевичга, тадбиркорларимиз Диёр Хайруллаевич, Зафар Тайирович, Шовқиддин Зайниевич, Анвар Хазратович каби фидойиларга шаҳримиз ободлиги ва фаровонлигига ўзларининг беминнат ёрдамларини кўрсатиб келаётганликлари учун чуқур миннатдорчилик билдираман!
Азиз ҳамшаҳарлар!
Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар келажаги, уларнинг сифатли таълим олиши, шунингдек, инсон саломатлиги, юртдошларимизнинг фаровон турмуш шароитларида яшашига  алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Зарафшон шаҳридаги 4-, 10-, 11- ҳамда 12- мактабларни  жорий таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 млрд. 50 млн сўм маблағ ажратилди. 1-умумтаълим мактабида 500 млн. сўм маблағ ҳисобидан юмшоқ тўшамали спорт майдони қуриб фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Шунингдек, 9-умумий ўрта таълим мактаб ошхона биноси ҳомийлар маблағлари ҳисобидан капитал реконструкция қилинди. Янги ўқув йилида замонавий шарт-шароитлар ва ўқитиш тизимига асосланган 504 ўринли Президент мактаби ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб биноси илмга чанқоқ ўқувчиларимизни ўз бағрига олади. 2022-2023 ўқув йили ҳам шаҳримиз таълим соҳасида ютуқларга бой йил бўлди. Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги инновация, технология ва стратегия марказининг “Замонавий мактаб” рейтингида 3-умумий ўрта таълим мактаби вилоятдаги 4 та ихтисослаштирилган  мактаблар ўртасида 1-ўринни, умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида 4-умумтаълим мактаби 1-ўринни, 2-умумтаълим мактаби 4-ўринни эгаллади. Устозларнинг меҳнатлари самараси ўлароқ, ўқувчиларимиз ҳам ўтган ўқув йилида ҳавас қилса арзирли муваффақиятларга эришишди. Ўқув йилида  Зарафшон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида 807 нафар битирувчи мактабларни аъло баҳоларга тамомлаб, 37 нафари олтин ва 3 нафари кумуш медал билан тақдирланишди. Жорий йилда жами битирувчиларнинг олий ўқув юртларига қабул кўрсаткичи  80.9 % ни ташкил этмоқда. 
Иқтидорли ёшлардан 9-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Aзиза Иброхимова 10-14 ёш тоифасида ўтказилган “Ёш китобхон” Республика танловида 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси “Спарк” автомашинаси билан тақдирланди. 3-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Лейла Жусипова фан олимпиадасининг Республика босқичида рус тили фанидан 3-ўрин эгаллади. “Мирзо Улуғбек ворислари” кўрик-танловида 10-умумтаълим мактабнинг 9-синф ўқувчиси Мирфайз Ҳусенов ғолиб бўлиб, муддатидан олдин иккита нуфузли Университет талабаси бўлди. Ўзбекистон президенти “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида” ги қарорига биноан Исмоилов Абдуқодир Дилшод ўғли “Мард ўғлон” давлат мукофоти  тақдирланди. Францияда бўлиб ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Элбек Султонов бронза медалини қўлга киритиб, Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни қўлга киритди.
Албатта, ёшларимизнинг бундай ютуқлари барчамизга фахр ва ифтихор бағишлайди. 
Бугунги кунда Зарафшон шаҳрида ҳам шаҳарсозликни ҳамда қурилиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. 13-, 14- ва 19- кичик туманларида қурилаётган 227 та кўп қаватли уйларнинг муҳандислик коммуникация ишлари билан таъминлаш жадал олиб борилиб, бунинг эвазига шаҳримиз бутунлай янгича қиёфа касб этиб бормоқда.
Узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган яна бир муаммо, аҳолига ичимлик суви масаласи ҳал этилмоқда. Бу борада Мурунтов маҳалласида магистрал ичимлик суви қувури 1308 метр узунликдаги пўлат қувурга алмаштирилди. Даугизтау маҳалласида ичимлик суви билан таъминланмаган хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 900 метр узунликдаги қувурларни монтаж қилиш ишлари, “Янги Зарафшон” маҳалласида 10 км узунликда ичимлик сув тармоқларини ўрнатиш, тортиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш борасидаги ишларимиз самараси ўлароқ, жорий йилда анчадан бери фойдаланилмай келинаётган “Аквапарк” қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.  Бундан ташқари бугунги тантана бўлиб турган мазкур стадион ҳам таъмирланиб, янги қиёфа касб этди.

Мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларни замонавий тиббий жиҳоз, ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳри аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш,  шаҳримиз фуқароларига қулайликлар яратиш мақсадида зарур тиббий жиҳозлар, техника воситалари келтирилди.

Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларда ўзининг муносиб ҳиссасини  қўшиб, самарали фаолият кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари ҳукуматимиз томонидан мукофотланди. “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамиятининг Қизилқум дала геология қидирув экспедицияси бошлиғи Искандаров Шакириддин Ибрагимович  “Шуҳрат” медали билан, Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Марказий кон бошқармаси “Ауминзо-Амантой” кони бошлиғи Эзозхонов Авазхон Незомхонович “Дўстлик” ордени билан, Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг Марказий кон бошқармаси автосамосвал ҳайдовчиси  Бахронов Сайфиддин Фаттоевич “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони га  биноан  Республика озарбайжон миллий маданий марказининг Навоий вилояти бўлими раиси  Балаева Севил Алислам кизи “Дустлик” ордени билан тақдирланди.
Қадрли дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни, барча-барчангизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Мамлакатимиз  мустақиллигининг 32 йиллиги билан яна бир бор  қизғин  муборакбод этаман. Юртимиз равнақи, халқимиз  фаровонлиги ва бахту саодати йўлидаги эзгу ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман!
Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech