Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг шаҳар аҳолисига Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриги

Зарафшон шаҳар ҳокими  Назирбек Рахмановнинг шаҳар аҳолисига Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табриги
    
Ассалому алайкум, муҳтарам ҳамшаҳарлар!   

Аввало, шаҳримиздаги барча мўмин-мусулмонларни, 
бутун халқимизни шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йил 
19 июндаги «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги ПҚ-195-сонли қарорини кўп миллатли халқимиз катта қувонч билан қарши олди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланганлиги халқимизнинг кайфиятини кўтариб, байрамга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этмоқда. Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори шаҳримиз мўмин-мусулмонлари ҳам ушбу байрамни ўзгача қувонч, алоҳида шодлик ва шукроналик билан ўз хонадонларида нишонлашида ҳам катта бир рамзий маъно бор. Чунки ушбу кунда Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда бўлган қалбларимиз шавқланадиган ажойиб кундир.
Минг шукрки, бугунги кунда фуқароларимиз “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини адо этишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида шаҳримиздан жами 70 нафар фуқароларимиз “Умра” зиёратини адо этишган бўлса,  2022 йил 6 ойлигида 37 нафар фуқаролар “Умра” зиёратини адо этишган эди. 2022 йил муборак “Ҳаж”  сафарига 37 нафар фуқароларимиз юборилган бўлса,  ҳурматли президентимиз ташаббуслари билан ушбу кўрсатгич жорий йилда қариб бир бараварга ошган ҳолда шаҳримиздан 59 нафар фуқароларимиз ислом динининг 4 устуни саналган муборак “Ҳаж” сафарини адо этишмоқда. 
Рамазон ва Қурбон ҳайити айёмларини умумхалқ байрами сифатида кўтаринки руҳда нишонланиши эса сизу-бизнинг қалбимизга юксак ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Ушбу муборак кунларда етим-есир, ёлғиз кексалар, ногирон ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламидан ҳол-аҳвол сўраш, уларга беғараз мурувват ёрдами кўрсатиш миллий қадрият сифатида кенг қулоч ёзди. Жумладан, Зарафшонда ҳам ана шундай хайрли тадбирлар амалга оширилиб, кемтик 
кўнгилларга қувонч ва шодлик улашилмоқда. 

Қадрли ҳамшаҳарлар! 
Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. 
Мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилакларимиз ижобат бўлсин! 
   Хонадонларимизда файзу барака тинчлик ва осойишталик 
аримасин!
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech