Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Рахмановнинг 30-июнъ - Ёшлар куни муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли шаҳримиз ёшлари, азиз ўғил-қизларим!

Авваломбор, Сизларни, сизлар орқали эртанги кунимиз бунёдкорлари бўлмиш шаҳримиз ёшларини бугунги қутлуғ байрам - Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мамлакатимизда Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, энг аввало, келажагимиз эгалари бўлмиш сиз азиз фарзандларимизнинг порлоқ истиқболлари учундир. Бугунги бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг давомчилари сифатида ёшларимиз томонидан турли соҳалар ва йўналишларда қўлга киритилаётган ютуқларни  таькидлаш ўринлидир.

Зўр мамнуният билан шуни айта оламанки, мамлакатимиз ёшлари, хусусан, Зарафшон шаҳри ёшлари учун яратилган имкониятлар самараси ўлароқ эришилган ютуқлар ва юқори натижалар салмоқли даражададир.

Ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мутлақо янгича мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тизими яратилди. Бу борада Зарафшон шаҳрида ҳам  янги ўқув йилида замонавий кўринишдаги ихтисослаштирилган мактаб интернатида шаҳримиз ёшлари таълим олишлари учун имкониятлар яратиш бўйича ишлар қилмоқдамиз. Жорий ўқув йилида шаҳримиз мактабларида 807 нафар битирувчи ўғил-қизлар тамомлашди. Мазкур битирувчилардан 176 нафари муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олий ўқув юртларига талаба бўлишди.  Шунингдек, битирувчи ёшларимиздан 37 нафари олтин медал ва 3 нафари кумуш медал билан ўқув йилини муваффақиятли тамомлашди.
Хорижий тилни билиш бўйича ўтказилган имтиҳонларда ҳам шаҳримиз ёшлари томонидан юқори натижалар қайд этилмоқда. Маънавий-маърифий йўналишдаги танловларда ҳам ёшларимиз ўзларининг истеъдодларини намоён қилишмоқда, Хусусан, "Мирзо Улуғбек ворислари" ва  "Тўмарис издошлари" каби кўрик танловларнинг шаҳар ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни қўлга киритишди. "Ёш ҳуқуқшунос"танлови, фан олимпиадасининг Республика босқичларида, “Ёш китобхон” Республика танловларида иштирок этиб  зафарли натижаларни қайд этаётган мана шундай шаҳримиз ёшлари борлигидан фахрланамиз. "Беш ташаббус" олимпиадаси доирасида шаҳримиз вилоят босқичида фахрли  биринчи ўринни қўлга киритди. Унда 14 та спорт тури бўйича ўтказилиб, шаҳримиз ёшлари ўзларининг юқори натижаларини қайд этишди. 
Зарафшон ёшлари нафақат илм-фанда, шунингдек спортда ҳам юқори натижалар қайд этишмоқда. “Ай-Ти” марказларида ҳам бугунги кунда ёшларимиз мутахассислиги бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишмоқда. Шунингдек,  ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳоким ва ёшлар”,  “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашувлари ҳамда ёшлар билан турли маданий-маьрифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Азиз ёшлар!

Ҳеч қачон ёдингиздан чиқармангки, билимли ёшлар - келажак пойдеворидир. Юртимиз ишончи ва таянчи, сиз азиз ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук кадрлар ва мутахассислар сифатида мамлакатимиз тараққиётига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшасиз деган умиддаман. Шонли тарихимизда алломалар юртида камол топиб, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида янгидан - янги зафарлар қозонишингизга тилакдошман. Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор Ёшлар куни муносабати билан қутлар эканман, сизларга мустаҳкам соғлик-саломатлик, ғайрат-шижоат, ишларингизда ва ўқишларингизда улкан зафарлар тилайман.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech