Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

СИЗ, МЕҲР, ВАФО ВА САДОҚАТ ТИМСОЛИСИЗ


Ассалому алайкум, азиз аёллар! 
 Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
 Юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш фасли-баҳор кириб келган ушбу қутлуғ кунларда, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни 8 март – Хотин-қизлар куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
 Барчангизга аёнки, аёл зоти ҳақида, унинг нақадар тенгсиз гўзаллик ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида қадим тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча бетакрор асарлар яратиб, дил сўзларини баён этганлар. 
 Вафо ва садоқат тимсоллари ҳақида гапирганда, аввало, буюк шоир, аллома Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва қалби қайноқ, меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келганини ҳеч биримиз ёдимиздан чиқармаймиз. Сиз гўзал ва бетакрор, азиз аёлларимиз ҳақида жуда илиқ фикрлар айтиш, кўплаб таърифлар келтириш мумкин.
 Бу борада Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз” деган сўзлари ҳар жиҳатдан ибратлидир.
 Қадрли опа-сингиллар! 
 Аёл яратувчи, фидоий тарбиячи, меҳрибон шифокор.  Бугун шаҳримизга назар ташлайдиган бўлсак, барча соҳаларда хотин-қизларимиз ҳалол меҳнатлари билан ҳаётимизнинг файзли бўлишига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганликлари барчамизни қувонтиради. Шаҳримизда хотин-қизлар кириб бормаган, улар фаолият кўрсатмаётган бирор бир соҳа йўқ. Шаҳримиз хотин-қизларининг 1391 нафари соғлиқни сақлаш, 1593 нафари халқ таълими, 570  нафари тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритиш билан бирга мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашдек умуммиллий ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бир сўз билан айтадиган бўлсак аёлларимиз оиладан, фарзанд тарбиясидан ортиб, халқ хўжалигининг барча тармоқларида ўз фаолликлари билан ажралиб туришибди. Уларнинг кўпчилиги масъулиятни ўз зиммаларига олиб  40 нафари раҳбар, 3 нафари вилоят, 8 нафари шаҳар Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият юритишмоқда. 
   Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, шаҳримизда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 710 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. Имконияти чекланган ҳамда оғир турмуш шароитидаги 3 нафар хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. 
Бугун биз юксак мамнуният билан айта оламизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз даъватлари асосида жамиятимизда аёллар, оналар ва опа-сингилларимизга юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Бу борада олиб бораётган доно ва оқилона сиёсатларини дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам тан олмоқда.
 Баҳорнинг илк байрами муносабати билан шаҳримизнинг латофатли, жонкуяр ва фидойи хотин-қизларига шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлисиз. Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган юзлаб опа-сингилларимизнинг ҳалол меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирамиз, уларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Шаҳримиз аёлларининг самарали меҳнатлари Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан инобатга олиниб, 2020 йилда ўтказилган муҳим байрам шодиёналари арафасида давлатимизнинг юксак даражадаги орден медаллари билан тақдирландилар.  Хусусан, шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Бахранова Зоя Анатольевна “Дўстлик” ордени билан, 3-сонли Мактабгача таълим ташкилоти директори Губина Галина Фёдоровна “Меҳнат шуҳрат” ордени билан,  шаҳар Тиббиёт бирлашмаси хўжалик бекаси Шектибаева Динара Темирхановна “Шуҳрат” ордени билан мукофотландилар.  
 Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало, инсон манфаатлари, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам. Бу каби хайрли ишларни шаҳримизнинг ҳар бир ҳудудида, маҳалласида кўриш мумкин. Мақсадимиз, Сиз аёллар тимсолида оиламиз тинч, турмушимиз фаровон, фарзандларимиз бахтли, дастурхонимиз тўкин бўлсин!
 Азиз ва мўътабар онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар! 
 Сўзимнинг якунида яна бир бор сизларни ва сиз орқали юртимиз хотин-қизларини, дилбар аёлларимизни самимий  табриклайман. Сизларга соғлик-саломатлик, бахту-саодат, хонадонларингизга тинчлик, файзу-барака тилайман. Доимо юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик, кўнглингиздан шукроналик туйғулари асло аримасин. 
Байрамингиз муборак бўлсин!
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech