DataLife Engine / Раҳбарлар ўзи бошида турган соҳани билмайдими ёки саволларга жавоб бергиси келмайдими?

Раҳбарлар ўзи бошида турган соҳани билмайдими ёки саволларга жавоб бергиси келмайдими?



Хабарингиз бор, икки кун давомида, аввал сиёсий партиялар фракцияларида, кейин эса парламент қуйи палатасининг ялпи йиғилишида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботи муҳокама қилинди.

Ютуқли жиҳатлар эътироф этилди, бу ҳақда узоқ гапириш мумкин.
Аммо муҳокамалар пайтида аксарият аниқ саволларга умумий, тўлиқ бўлмаган ҳолда жавоб берилди. Содда қилиб айтганда, “аравани қуруқ олиб қочиш” ҳолатлари кўп кузатилди.
Хусусан, фракциямиздаги муҳокамада депутатлар ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар мутасаддиларига бандлик, соғлиқни сақлаш, миграция, таълим, спорт, молия-иқтисодиёт каби 10 дан ортиқ масалаларда манзилли саволлар беришди. Афсуски, аксарият саволларга тайинли жавоб ололмадик. Ижтимоий тармоқларда бошқа фракцияларнинг аъзолари ҳам саволларга жавобдан қониқмаганликларини билдиришди.
Бюджет ижроси ҳақидаги муҳокамаларда шу нарса яққол сезилдики, вазирликлар ўртасида хабардорлик муҳити етишмайди, айрим маълумотларда номувофиқликлар келиб чиқди. Яъни, айни бир масала бўйича бир вазирлик берган маълумот бошқасининг кўрсаткичига тўғри келмайди. Бу камчиликлар ҳукуматдан Бюджет ижроси бўйича вазирликларнинг масъулиятини ошириш зарурати кучайганини кўрсатади.
Бу ҳолат Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида ҳам давом этди. Қарийб икки соатдан ортиқ вақт давомида муҳокамада бўлган мазкур масала юзасидан депутатлар томонидан берилган аниқ ва лўнда саволларга жавоблар саёз, умумий ва “олиб қочиш”лар тарзида бўлди.
Ҳолбуки, саволлар вақт ўтказиш учун берилмайди. Ҳар бир савол ортида минглаб юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар турибди.
Баъзи ташкилот раҳбарлари ўзи масъул соҳага шахсий томорқаси каби қарайди шекилли, саволларга жавоб бериб ёки қандайдир сирларни очгиси келмайди. Лекин сир қанчалик яширилмасин, “иситмаси”дан ошкор бўлиб қолаверади.
Демак, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш керак. Юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиш, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриш зарур.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.  Uza.uz сайтидан олинди.
23-11-2020, 19:17
Вернуться назад