DataLife Engine / Тил - тафаккур дурдонаси

Тил - тафаккур дурдонаси

                                                     Тил -  тафаккур дурдонаси
Табиат ва жамият маҳсули бўлган инсон, айни пайтда, уларнинг олий намунаси ҳам саналиб, оламни нарса шаклида, воқеа ва ҳодиса тарзида миясида акс эттиради, идрок қилади, фикрлайди. Бу жараёнда муҳим восита ҳисобланган тилнинг   аҳамияти ғоятда муҳимдир. Шунинг учун ҳам тил ва тафаккурни бир-биридан алоҳида тарзда тасаввур қилиб бўлмайди. «Тил билан тафаккур бир-бирини тақозо этадиган ажралмас ҳодисадир. Тилсиз тафаккур бўлмаганидек, тил ҳам тафаккурсиз бўлмайди»
Тилнинг инсон учун фикрлаш воситаси бўлиши, моддий асос сифатида хизмат қилиши унинг амалда бўлишидаги  биринчи босқич  ҳисобланиб, иккинчи босқичда  фикр, тафаккур маҳсули ойдинлашади, яъни у миядан ташқарига чиқади. Шундай қилиб, иккинчи босқичда тил коммуникатив – алоқа вазифасини бажаришга киришади.
Тил инсонлар ўртасида алоқа  воситаси бўлиши, табиат ва жамиятдаги нарса ва ҳодисалар тўғрисида хабар беришдан ташқари суҳбатдош  ёки тингловчига маълум таъсир ўтказиш, ҳиссиётини қўзғатиш кучига ҳам эга. Агар   бу ҳолатни  шартли равишда бешинчи босқич  деб атайдиган бўлсак, таъкидлаганимиздек, тилнинг босқичма-босқич   такомиллашиб,  мукаммалашиб ва имкониятлари ҳам аста-секинлик билан кенгайиб боришини кузатамиз.
Мана шу ўринда тилнинг ҳеч бир имконияти нутқсиз, нутқий жараёнсиз амалга ошмаслиги, юзага келмаслигига ҳам амин бўламиз. «Тил ва тафаккурнинг бирлиги нутқда ўз ифодасини топади. Нутқ оғзаки ва ёзма ҳолда мавжуд бўлиб, унда фикримиз моддий шаклга, яъни ҳиссий идрок этиладиган шаклга киради ва шу тариқа у энди бир шахсга эмас, балки жамиятга тегишли бўлиб қолади»
Маълум бўладики, тил нутқнинг ўта муҳим унсури сифатида алоқа, хабар, таъсир этишдек, шу билан бирга, имкониятлари ниҳоятда кенгайиб бориши натижаси ўлароқ кишилик жамияти тўплаган тажриба ва билимларни келажак авлодларга етказишдек улуғвор ижтимоий вазифани бажаради.
Ўз шаклланиши ва ривожланиб бориши давомида узоқ тарихий йўлни босиб ўтадиган тил  аста-секинлик билан бўлса-да, такомиллашиб ҳам боради. Бу ҳолни унинг ички қурилишида, амалда бўлиш қоидаларининг маълум бир тизимга кела боришида кузатамиз. «Ички қурилиш нуқтаи назардан тил маълум миқдордаги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган тил бирликларининг йиғиндиси ва ана шу бирликлардан фойдаланиш қоидаларидан ташкил топган мураккаб системадир»
Нутқ тилнинг намоён бўлиши, рўёбга чиқиш, воқеланиш шакли бўлиб, у бевосита кузатишда берилган, моддий (табиий, физик) шаклга эгадир.
Тил ва нутқ ажралмас тушунчадир,юқори нутқ маданияти – бу ўз фикрларини тил воситалари билан тўғри, аниқ ва таъсирчан қилиб бера олишдир. Тўғри нутқ деб эса ҳозирги адабий тил меъёрларига риоя қилиб тузилган нутққа айтилади. Аммо юқори нутқ маданияти фақатгина меъёрга риоя қилишдангина иборат эмас. У  фикрни ифодалашнинг аниқ воситасини излаш билан бирга, бирмунча таъсирчан ва мақсадга мувофиқ воситаларни топиш уқувини ҳам ўз ичига олади.
Маълум бўладики, нутқ маданияти, агар масалага тил нуқтаи назардан қараладиган бўлса, бу, энг аввало, нутқнинг тўғрилиги демакдир. Иккинчидан эса, у услубий жиҳатдан силлиқ бўлиши керак, яъни унда ноаниқликка, иккимаънолиликка, узундан-узоқликка йўл қўйилмаслиги, қисқалик, соддалик ва аниқлик бу нутқнинг асосий ўлчови бўлиши лозим. Кенг маънода эса нутқ маданияти нутқий таъсирчанликни, ижодий ёрқинликни, ўткирлик ва образлиликни ифода этади.
Навбатдаги гап тил маданияти ва нутқ маданияти тушунчаларининг ҳуқуқ соҳасида амал қилиши хусусида.            Ҳуқуқий соҳа ва юриспруденсия амалиётда тилга катта эҳтиёж сезадиган йўналиш ҳисобланади. Бу, айниқса, кейинги ўн йилликда алоҳида аҳамият касб этди. Чунки мустақиллигини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиёти ва ривожланишининг янги босқичида ҳуқуқий-демократик тамойилларга асосланган фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бормоқда. Ижтимоий ҳаётнинг барча йўналишларида қонун устуворлигини таъминланиши асосий вазифа қилиб қўйилмоқда.
Устуворлик маълум маънода  бу қонунлар ва уларнинг ижроси билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг мукаммал бўлишини тақозо қилади.  Бу мукаммаллик эса, ўз навбатида, уларни Ўзбекистон халқи ва давлати манфаатини ҳимоя қилувчи ҳуқуқий асос билан бирга, уларнинг тил жиҳатдан ҳам пухта бўлишни келтириб чиқаради.
Аммо бугунги кунда ўзбек нутқи маданиятини юқори даражага кўтариш учун олиб бораётган ишларимиз талаблар даражасида деб айта олмаймиз. Мавжуд камчиликлар тилдан ҳуқуқ соҳасида фойдаланишни ҳам қийинлаштирмоқда.
Давлат ҳокимияти томонидан бегиланадиган ва қўриқланадиган, жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга соладиган қонун-қоидалар, нормалар мажмуи ҳисобланадиган ҳуқуққа  (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, ИИ том. – М., 1981,  714-бет) оид ҳужжатлар ўзбек давлатчилигининг барча даврларида мавжуд бўлган ва замонлар силсиласида такомиллашиб борган. Уларнинг шаклланиш жараёни ёзув тараққиёти билан чамбарчас бўлиб, ҳуқуқий ҳужжатларнинг мукаммаллиги маълум даражада ана шу ёзув ва тил маданиятининг такомилига боғлиқ бўлган.
Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳуқуқнинг мукаммал тизими яратилган. Бу ҳақда «Авесто», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ал ҳидоя» ҳамда «Темур тузуклари» каби манбалардан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Жумладан, тарихимизда мусулмон ҳуқуқи бўлган. Унинг асосий манбалари Қуръон, сунна, ижмо, қиёс бўлган. Фиқҳ – мусулмон ҳуқуқини,  сунна – ҳадислар кўринишидаги ҳуқуқий принсипларни, ижмо - қонуншунос олимларнинг умумий фикрларини, қиёс – Қуръон ва суннада берилмаган бирор ҳуқуқий масала улардаги шунга ўхшаш масала бўйича берилган кўрсатмага қараб таққос йўли билан шарҳлашни ўзида мужассам этган. Бинобарин, уларнинг ҳам бири умумий ва ўзига хос тил ва услубда шаклланган. Ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, нозик қирралари ҳисобга олинмаган. Матн, ўзбекча бўлишидан қатъий назар, гаплар русча қолипларга солинган, ғализ ва тушунарсиз сўз ва сўз бирикмалари таркиби ошиб кетган.
Бунинг устига, юридик тилга қўйиладиган ғоятда муҳим бир талаб мавжуд.   У ҳамма фойдалана оладиган, тушунарли, оммавий  тил бўлиши лозим. Масаланинг мураккаблиги ҳам ана шунда. Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар матнидан бир вақтнинг ўзида  ҳам мукаммаллик, ҳам оммавийликни даъво қилишимиз унинг яратувчиларидан қанчалик билим ва маҳорат талаб этишини кўрсатади.
Ўзбекистонда 1989 – йил 21- октабр эл- юртимиз асрлар давомида орзу қилиб интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақида қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверентети  ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. 
Давлат тилини қўллаб – қувватлашда  мавжиуд  камчиликлани бартараф қилиш  ва бойитиш   мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора – тадбирлари тоғрисида” 2019-йил 21- октабрдаги ПФ-5850-сон фармони қабул қилинди, ижрога қаратилди. 
Давлат тилини ривожлантириш департаменти асосий вазифалари этиб, давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан момиторинг олиб бориш , ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаккларини жорий этиш, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижроия ҳокимяти органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши усидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлашриш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муоммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, уни ривожлантириш  соҳасида ягона давлат сиёсати бўйича таклифлар тайёрлаш, ўзбек тилнинг ёзма матни маёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, ўзбек тилини ривожланишига оид илмий – тадқиқот ишларини  қўллаб – қувватлаш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ва ҳз.
Тил  ҳар қандай жамиятнинг алоқа воситаси саналар экан, у юрист фаолиятида ҳам ниҳоятда кучли қуролдир. Аммо муҳим ноёб бойликнинг аҳамиятини ҳеч кимга чақириқлар, шиорлар, даъватлар билан уқтириб бўлмайди. Фақатгина ўз Ватанини, миллатини, она тилисини, шу билан бирга, ўз касбини севган кишигина буни бошқалардан кўра аввалроқ англай олиши ва ундан унумли фойдалана олиши мумкин.
Искандар Зайнутдинов 
Учкудук туман прокурорининг ёрдамчиси.
21-10-2020, 20:51
Вернуться назад