Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР – КОМБИНАТИМИЗ ТАЯНЧИ

САЛОҲИЯТЛИ КАДРЛАР – КОМБИНАТИМИЗ ТАЯНЧИ



Юртимиз иқтисодиёти ва саноатида, шунингдек, ижтимоий соҳаларда замонавий технологияларнинг ўрни ортиб боргани сайин жамият ҳаётида инновацион ғоялар, ихтиролар кенг жорий этилмоқда. Бу ҳол ишлаб чиқариш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишда, соҳадаги муаммолар ечимини топиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этишда ўз самарасини кўрсатаётир. Қайд этиш лозимки, мазкур жараёнда келажак ворислари – ёшларнинг ҳиссаси беқиёс.
Айни пайтда Марказий кон бошқармасида фаолият юритаётган интилувчан ва шижоатли ёш ходимларнинг янги ғоялари, рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқариш саноатида иқтисодий самарадорликни, меҳнат унумдорлигини оширишда қўл келмоқда. 
Аҳамиятлиси, бугун ишлаб чиқариш технологияларига доир билим ва кўникмаларни эгаллаётган ёшлар орасидаги кўплаб истеъдодли муҳандис-техник ходимлар долзарб, технологик жиҳатдан афзал, амалда қўллаш борасида қулай саналган бир қатор ўзига хос лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур соҳа ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг самарасини ҳам ифода этаяпти.
Ватанимизнинг ишончини оқлаш, халқ хизматига ҳамиша шай туришни олий мақсад деб билган, шу йўлда тинимсиз изланиб, ўқиб-ўрганиб, ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган бу каби ёшлар комбинатимизнинг фахри-ифтихоридир.
Ана шундай ёшлар сафидан ўрин эгаллаб улгурган, ишлаб чиқариш соҳасига ўзининг иқтисодий жиҳатдан самарали инновацион лойиҳа ва рационализаторлик таклифлари билан янги техника ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсатаётган яна бир қаҳрамонимиз Завқиддин Зиётовдир. У 1987 йил Хатирчи туманида туғилиб, Зарафшон шаҳрида вояга етди. 2010 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган Завқиддин илк фаолиятини МКБ тизимидаги Марказий таъмирлаш механика цехида электр жиҳозларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича электромонтёр сифатида бошлади. У зукколиги, ишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ажралиб турадиган, янгидан янги ғояларини амалга ошириш йўлида бор куч ғайрати билан ҳаракат қиладиган ходим сифатида жамоаси орасида тезда шуҳрат топди. Кейинчалик мастер, участка бошлиғи, муҳандис сингари қатор масъулиятли вазифаларда барчага ўрнак бўлди. З.Зиётов соҳада ишлаш жараёнида ҳар бир ишда ташаббускор, журъатли, масалаларни мустақил ҳал этиш орқали ўз касбига бўлган қизиқишини намоён этиб борганлиги ва топшириқларни ўз вақтида, сифатли бажариб келганлиги учун 2017 йилдан буён МКБ тасарруфидаги 9-сонли автокорхонада автотранспорт воситаларининг газ-баллон жиҳозлари тизимини синаш лабораторияси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. 
Кези келганда айтиш жоизки, Марказий кон бошқармасининг 9-сонли Автокорхонаси жорий йил ҳисобидан рационализаторлик фаолияти бўйича муайян ишлар олиб бормоқда. Мазкур йил бошида 9-сонли Автокорхонанинг жонкуяр раҳбари Ҳусниддин Фозиловнинг ташаббуси билан “Рационализаторлик фаолияти юзасидан 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Ушбу чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, биринчи ярим йилликда Автокорхонада иккита рационализаторлик таклифи ҳимоя қилинди ва фаолиятга тадбиқ этилди.
Биринчи рационализаторлик таклифи икки муаллиф – Автомобилларнинг газ баллон тизимини синаш лабораторияси бошлиғи Завқиддин Зиётов ва Автомобилларнинг газ баллон жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўлими бошлиғи Зоҳиджон Ўриновлар ҳамкорлигида “Сиқилган табиий газда ишлайдиган газ баллонларни пневматик синовдан ўтказганда газ баллон вентилларни сиқиш исканжаси” мавзуси остида яратилди. Бунинг афзаллик жиҳати шундаки, газ баллонга ўрнатилган вентилининг резбаларига ҳар сафар гайка буралмайди, исканжа орқали қисилади. Бу эса ўз навбатида вақтни тежайди ва вентилларнинг резбалари олдиндан едирилишини олдини олади. Ушбу рационализаторлик таклифи амалиётга жорий этилгандан сўнг иш самарадорлиги янада ошишига эришилди.
Доимий равишда ўз малакасини, техникавий савиясини ошириш устида қатъиян ишлаб келаётган қаҳрамонимиз мазкур автокорхона бош механиги Душан Деҳқонов билан биргаликда “Автотранспорт воситаларини ювиш учун иссиқ сув хосил қилувчи бойлер (сув иситгич)” мавзусида яна бир рационализаторлик таклифини киритди.

-      Аввал куз-қиш мавсумида смена охирида автотранспорт воситаларини ювиш ҳайдовчилар учун анча қийинчилик туғдирарди. Энди эса ушбу рационализаторлик таклифимиз амалиётга жорий этилгандан сўнг анча қулайликларга эришилди. Яъни, сув иситгич қишки мавсумда совуқ сувни 34-37⁰ С даражасида иситиб беради бу эса биринчи галда ҳайдовчиларнинг соғлиғини асрайди, иш самарадорлигини оширади ва автотранспорт воситасини сифатли тозаланишига замин яратади. Яна бир қулайлиги, мазкур сув иситгичидаги совуқ сув, иситиш тизимида қўлланиладиган циркуляцион иссиқ сув қувурлари ёрдамида иситилади ва хеч қандай ортиқча манба, яъни, электр энергиясидан фойдаланишни талаб этмайди, - дейди Завқиддин Зиётов биз билан суҳбатда.
Ўз меҳнат фаолияти даврида Марказий таъмирлаш механика цехи электромонтёри Зарифжон Хайдаров, мазкур цех бош муҳандиси Жамолиддин Салимов, 7-сонли автокорхона бошлиғи Худойназар Худойназаров, 9-сонли автокорхона бош муҳандиси Қахрамон Тураев, цех бошлиғи Зохиджон Ўринов сингари устозларидан ишлаб чиқаришнинг сир синоатларини, пасту баландликларини ўрганиб, ҳаёт сабоқларини олган Завқиддин жамоада салоҳиятли кадр сифатида шаклланди, камолотга эришди. Суҳбат давомида у ўз устозларига таъриф берар экан, автокорхона тасарруфида янги ташкил этилган автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ баллон жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш участкасини ишга туширилишида уларнинг хизматлари ғоятда беқиёс эканликларига алоҳида урғу берди.
Дарҳақиқат, инсон ўзи яхши кўрган касбу корини танласагина муваффақиятга эришади аслида. Қаҳрамонимиз З.Зиётов ҳам ўз касбининг фидойиси сифатида меҳнат жамоасида масъулиятли ва ўта талабчан раҳбар. Айтишадику, қандай касб танламанг, шу касбнинг ҳақиқий устаси бўлинг. Негаки, аслида гап қандай касбни танлашда эмас, балки шу касбни қай даражада мукаммал эгаллашдадир. 

Дилдора КАРИМОВА,
МКБ Ахборот хизмати муҳаррири.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech