DataLife Engine / Навоийда уч авлод учрашуви

Навоийда уч авлод учрашуви

Навоийда уч авлод учрашуви

Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида ўтказилаётган анжуман навоийликларни ҳам шукуҳли муҳитда бирлаштирди.
 
 Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани бот-бот таъкидланди.
Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатлар бош мавзусига айланди.

Шу маънода, хайрли тадбир иштирокчилари авваламбор вилоят марказида ташкил этилган Алишер Навоий номидаги муаззам хиёбонда бўлиб, улуғ мутафаккир бобомиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйганида ҳам катта ҳикмат бор аслида. Бутун маърифий олам ҳамиша юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатадиган буюк аждодимиз номи билан юритиладиган воҳада яшаш ва меҳнат қилиш улкан шараф ва айни пайтда катта масъулият экани, ҳазратнинг ҳаётий аъмолига айланган чин инсоний ғояларни қалбга жо этиш ва бошқаларни ҳам шунга бошлаш ҳар бир навоийлик, айниқса, ёш авлод вакилларининг бурчи экани айтиб ўтилди.

Янгиланиш, эл-улус фаровонлиги йўлида бир баҳя ҳам тинмасдан тадбир кўриш улуғ шоир ҳаёти ва ижоди туб моҳиятини ташкил этади. Шу борада вилоятда кейинги йилларда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар, бу янгиланишларнинг мағзини чақиш, мазмунини онгу қалб билан англаб етиш юзасидан кечган мулоқотлар янги ташкил этилган Ёшлар хиёбони билан танишув чоғида ҳам давом этди.
Яқин-яқингача янтоқ босиб, қаровсиз ва хароба бўлган мазкур ҳудуд бугунги кунда ободликка юз тутгани, Навоий бобомиз орзусидаги каби сўлим масканга айланганидан ёшу-қарининг қалбида ўзгача ғурур ва ҳавас уйғонди.

Янги Ўзбекистон манзарасини ёрқин рангларда ифода этадиган кўча ва хиёбонлар, замонавий уй-жойлар, турли ижтимоий объектлар билан танишувларнинг ҳар бири олам-олам таассуротлар уйғотди.
Мамлакатимизнинг бошқа ҳудуди ёки хориждан Навоийга келадиган меҳмон борки, албатта Нурота туманидаги “Чашма” тарихий-меъморий мажмуасини зиёрат қилишга ҳаракат қилади. Навоийлик уч авлод вакиллари ҳам ана шу эзгу анъанага биноан мазкур табаррук масканда бўлиб, бу ерда мангу қўним топган аждодлар хотирасини ёдга олишди.

Сир эмас, авваллари маълум муддат ушбу қадамжо эътиборга муҳтож бўлиб қолган эди. Давлатимиз раҳбари 2017 йилда вилоятга ташрифи доирасида Нурота туманида бўлиб, Чашма атрофида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқоти давомида ушбу зиёратгоҳнинг асл қиёфасини сақлаган ҳолда, уни реставрация қилиш, унинг атрофида зиёратчилар учун қулайликлар яратиш, замонавий меҳмонхоналар, савдо расталари барпо этиш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Шундан кейин қисқа фурсат ичида “Чашма” мажмуаси таниб бўлмас даражада ўзгарди, чирой очиб, одамнинг ҳавасини тортадиган гўзал масканга айланди. Мажмуа кейинги йилларда халқаро даражадаги кўплаб нуфузли маънавий-маърифий тадбирларга ҳам мезбон бўлди.
Мажмуада ана шу мазмунда кечган мулоқотлар барча иштирокчилар, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёшлар хотирасида ўчмас из қолдирди.

Навоийликлар ҳар гал Президентимизнинг вилоятга ташрифини интизорлик билан кутишади. Негаки, давлатимиз раҳбари ҳар бир ташрифида ҳудуд географияси, иқлим шароити ва иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳеч ким кутмаган, хаёлига ҳам келмаган янгидан-янги инновацион ғоя ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун пойдевор яратади. Бу эса вилоят аҳлига катта руҳ, катта шижоат бағишлайди. Хусусан, 2019 йилги ташриф доирасида Нурота тумани таркибидаги Ғозғон қўрғонига вилоят бўйсунувидаги шаҳар мақомини бериш таклифи илгари сурилгани ғозғонликлар ҳаётида унутилмас воқеа сифатида муҳрланди. Яхши биласиз, бир пайтлар Ғозғон ўзининг ер ости бойликлари билан жаҳонга юз тутган эди. Айниқса, мармар ва гранит плиталари ишлаб чиқаришда дунёнинг унча-мунча корхонаси баҳслаша олмас эди. Кўп йиллар ҳудуд эътибордан четда қолганлиги сабабли бу каби лойиҳалар инқирозга юз тутди. Ишлаб чиқариш корхоналари тақдири билан ҳеч ким қизиқмай қўйди. Шавкат Мирзиёевнинг юксак эътибори билан Ғозғонда янгича ҳаёт, янгича тараққиёт саҳифалари юз оча бошлади. Ҳудудда азалдан сангтарошлик ва тоштарошлик ҳунари мавжуд бўлгани боис эндиликда тадбиркорлик фаолияти сифатида жадал ривожланяпти. Ҳозир Ғозғондаги мармар заводларида кўплаб ёшлар хорижий технологияларни ўз қўллари билан бошқариб, мармар ва гранит плиталари ишлаб чиқариш орқали мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
2019 йилда фаолият бошлаган “Мармаробод” корхонаси ана шундай йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири бўлиб, ҳозир бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозор эҳтиёжини қаноатлантирмоқда, балки жаҳон бозорида ҳам ўз харидорларини топиб улгурди. Айни чоғда 50 нафардан ортиқ ёшлар бандлиги таъминланган.

Учрашув иштирокчилари Мармаробод корхонаси фаолияти билан танишди.  Бугун улкан қурилиш майдонига айланган Ўзбекистон қурилиш индустриясида мазкур корхона маҳсулотларидан фойдаланилаётгани ғозғонликларда ўзига хос ғурур уйғотишини мамнуният билан эътироф этишди. Бугун улар оққан дарё яна кўз очганидан мамнун. Меҳмонларнинг ҳайрату ҳаваси, мезбонларнинг эса янги истиқболли лойиҳалар хусусидаги режалари самимий суҳбат давомида ўз аксини топди.
Конимех туманидаги экотуризм маркази. Мазкур объект ҳам кейинги йилларда мамлакатимиз нақадар юқори суръатларда ривожланиб бораётгани, янги-янги соҳаларга асос солинаётгани тўғрисида ёрқин таассурот пайдо қилади. Нега деганда, авваллари олис чўл ҳудудларида бу сингари масканларнинг бўлиши ҳақида тасаввур қилиш қийин эди. Аммо аниқ мақсад ва унга эришишнинг пухта ўйланган тактика ва стратегияси муваффақият калити бўла олади. Мазкур сайёҳлик маркази ҳам мамлакатимизда туризм соҳасига қаратилаётган диққат-эътибор самараси. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳордиқ чиқариши, турли миллат вакилларининг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш мумкин. Чўл минтақаларига хос, минг дардга шифо бўладиган туя сутидан тайёрланган ичимликлардан татиб кўриш мумкин. Узоқ ҳудудларда бу каби хизмат кўрсатиш турлариниг кенгайиб бораётгани нафақат туристик салоҳиятнинг ошиши, шу билан бирга, қўшимча иш ўринлари, тадбиркорлар сафи кенгайишига ҳам хизмат қилмоқда. Хуллас, Бир неча йил илгари бийдай дала бўлган ҳудудда барпо этилган замонавий сайёҳлик мажмуаси ўзининг навбатдаги меҳмонларини иззат-икром билан юксак савияда кутиб олди.
Элликдан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқотмат қилаётган вилоят маданий ранг-баранглиги, фуқаролар ўртасидаги дўстлик ришталари, аҳил-иноқлик муҳити иштирокчиларни ўзига хос кўтаринки муҳит бағрига олиб кирди.

Очиқ осмон остида ташкил этилган оқшом нафақат саҳро ўртасидаги   рангин фавворалар жилоси билан, балки дилкаш суҳбатлар, хайрли амаллар билан барчанинг хотира дафтарига муҳрланадиган бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, одамларимиз ҳаётида рўй бераётган беқиёс ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши орқали навоийликлар ўтган беш йил мобайнида мамлакатимиз, қолаверса, ўз ҳаётида содир бўлган ўзгаришларга яна бир бор таҳлилий назар ташлади.
Янги Ўзбекистон тарихининг ўтган беш йили ҳақида ўйласак, янгиланишлар шиддати ва тараққиёт одимидан вақт тезлашгандек туюлади, гўё. Шу қисқа вақт ичида Навоий вилоятида ҳам 30-40 йиллаб ечимини кутиб ётган муаммолар барҳам топди, катта марралар олиниб, одамларни ҳаётдан рози бўлишига қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, қурилиш ва бунёдкорлик, маънавий-маърифий, маданий соҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилмоқда.
Президентимизнинг олис ва чекка, кўпмиллатли аҳоли масканларини ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори, вилоятга ташрифлари чоғида бундай ҳудудларда яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашувларда берган топшириқлари туфайли Жузқудуқ, Қулқудуқ, Ўтамурод, Керегетов, Чуя сингари юзлаб қишлоқ ва овуллар қиёфаси, у ерларда яшаётган юртдошларимиз дунёқарашида туб ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, бундай ҳудудларда яшовчи ёшлар учун турли соҳаларда алоҳида имтиёзларнинг жорий этилгани улар олдида катта имконият эшикларини очиб бердики, бундан уларнинг миннатдорлиги чексиз, албатта.
Умуман, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилаётган натижасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси ўзгармоқда, халқнинг розилигига эришилмоқда. Розилик бўлган жойда эса барака, муваффақият бўлади.

Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш масалалари анжуманда сўзга чиққанлар нутқида, дастурхон атрофидаги гурунгларда, ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда ҳам алоҳида ажралиб турди. Она Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир мушт бўлиб, давлатимиз раҳбарига таянч ва суянч бўлиб, яшаш, меҳнат қилиш, келгуси авлодларни шу руҳда камол топтириш муқаддас бурч экани бир овоздан баралла янгради.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ватанимизнинг бошқа юксак мукофотларига лойиқ кўрилган турли соҳа вакиллари, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган отахон ва онахонлар, жамоатчиликнинг таниқли намояндалари, ёшлар вакиллари. Уларнинг мана шундай шукуҳли кун, файзли оқшомда бирга кечган онлари, олган олам-олам таассуротлари фотосуратларга муҳрланди. Чунки айнан шу кечада барча учун янги марралар белгилаб олинди, Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди. Улар эса шубҳасиз реал ҳаётий натижаларга айланиб, юртимизни тараққиётнинг янада баланд чўққиларига олиб чиқишга хизмат қилади.

25-08-2021, 10:12
Вернуться назад