DataLife Engine / Зарафшон шаҳар ҳокими А.Р.Раджабовнинг шаҳар аҳолисига Янги йил ТАБРИГИ

Зарафшон шаҳар ҳокими А.Р.Раджабовнинг шаҳар аҳолисига Янги йил ТАБРИГИ

Зарафшон шаҳар ҳокими А.Р.Раджабовнинг шаҳар аҳолисига Янги йил ТАБРИГИ
 
 
Ассалому алайкум, қадрли ҳамшаларлар!
Азиз зарафшонликлар!
Ўтаётган ҳар бир кунимиз, ҳар бир лаҳзамиз сизу бизни тобора Янги йил остонаси томон етакламоқда. Кумуш қишнинг оппоқ фусункор таровати юртдошларимиз қалбини оқликка, покликка буркаб, барчамизнинг кўнглимизда янги йилда янгича орзу-ҳавас, янгича шижоат ва янгича ташаббусларни уйғотади. Шундай экан, мен, аввало, сиз азизларни, сизлар орқали бутун шаҳримиз халқини кириб келаётган янги 2021 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Янги йил жаннатмакон юртимизга, бағрикенг халқимизга олам-олам муваффақиятлар, бири бирини такрорламас қувончли хушхабарлар, бахт ва омад олиб келаётгани рост бўлсин.
Дарҳақиқат, бугун барчамиз ўз якунига етаётган 2020 йилни зўр қувонч ҳамда эзгу таассуротлар билан кузатар эканмиз, "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" шаҳримиз аҳли учун ниҳоятда омадли келганини, унинг замирида барча соҳа вакилларининг улкан хизматлари мужассамлигини зўр қувонч билан эътироф этаман.
Шуни мамнуният билан алоҳида таъкидлаш лозимки, улкан ютуқларга бой бўлган йилда ҳар бир соҳа бҳйича улкан натижаларга эришилиб, бунёдкорлик, аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш ва юрт фаровонлиги йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Биргина бунёдкорлик соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, жорий йилда инфратузилма, ижтимоий объектлар, уй-жой қурилиши борасида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Жумладан, шаҳар ҳудудида 1100,0 млн. сўм маблағ эвазига 7,5 км узунликдаги йўллар таъмирланди. Миллий гвардия ва ДХХлар учун маъмурий бинолар қуриб фойдаланишга топширилди. 
Бундан ташқари шаҳарда аҳоли сони ортиб бораётганлиги ва янги лойиҳалар ишга тушишини инобатга олиб 100 дан ортиқ кўп қаватли уйларни қуриш режа қилинган бўлиб, сўнги икки йилни олиб қарайдиган бўлсак, шаҳар ҳудида 50 га яқин кўп қаватли уйлар бунёд этилди. 
Янги йилда эса яна 5 та кўп квартирали 530 та хонадонли турар-жойлар ўз эгаларига топширилади. Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Фармони бўйича кўп йиллик ипотека кредити асосида 4 та 168 хонадонли турар-жойларни қуриш ишлари жадал тарзда олиб борилмоқда. Шуни ҳам айтиш кераки, шаҳар ҳудудида 750,0 млн сўм маблағ эвазига 13 та болалар майдончалари янгидан қуриб битказилди.
Шаҳримизда инвестицион жозибадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу борада қабул қилинган дастурларга тўхталадиган бўлсам, Зарафшон шаҳрининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига жами 45 та лойиҳа киритилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 1 трл. 512,7 млрд. сўмни ташкил этади.
Бугунги кунда умумий қиймати 78,9 млрд. сўмлик 33 та лойиҳа ишга туширилиб, 259 та янги иш ўринлари яратилди ҳамда қўшимча 6,5 млрд. сўмлик солиқ тушуми тушишига эришилди.
Бундан ташқари инвестиция лойиҳалари жойлашатирилишида экспортбоп ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, маҳаллийлаштириш дастури доирасида "Carbide Impex Plus" МЧЖ томонидан "Ферромарганец" маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти айнан 2020 йилда иш бошлади, натижада 40 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Ушбу лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 минг тонна (120 млрд. сўм) бўлиб, ушбу чиқариладиган маҳсулотларни НКМК ва АКМКга сотилмоқда. 
Муµтарам Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг эртанги кунига ишончни мустаҳкамлаш, аждодларга муносиб бўлиш учун ислоҳотларни илмдан бошлаш керак. Чунки илмсиз ҳеч бир соҳада натижа бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Зарафшон шаҳрида ҳам таълим тизимига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Шунингдек, ўзига хос ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Ҳар бир мактабда сунъий қопламали стадионларни ташкил этилиши, йирик шахмат майдончалари, электрон доскалар, йирик планшетларнинг олиб берилганлиги сўзимизнинг ёрқин исботидир. 2020 йилда 13 та умумтаълим мактабларининг 971  нафар битирувчисидан 506 нафари, яъни 52,1% олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Энг қувонарлиси бу кўрсаткич билан республикада иккинчи ўринни эгалладик. 
Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, "Бир миллион дастурчи" лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳам шаҳримизда яхши янгиликлар кўпаймоқда. Биргина мисол мазкур дастур доирасида 2193 нафар ўқувчиларимиз иштирокчи сертификатларини қўлга киритишган бўлса, шундан 800 нафар ўқувчи битирувчи сертификатларини қўлга киритди.
Шунингдек, биргина IT соҳасини ривожлантириш бўйича гапирадиган бўлсак, 2019 йил ноябр ойида "Beeanz Inc." компанияси (Япония) ва Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Мазкур меморандумга мувофиқ шаҳарда "Ахборот технологияси академияси" ўз ишини бошлади. Энг муҳими, бугун 150 дан зиёд ёшларимиз бу даргоҳда бепул таълим олишмоқда.
Шунингдек, "City Wi-Fi" МЧЖ раµбари, ёш тадбиркор Сардор Умаров томонидан шаҳарни интернет тармоғи билан қамраб олиш бўйича қиймати 1,2 млрд. сўмлик лойиҳа амалга оширилди.
Бундан ташқари, ижтимоий объектларни оптик толали алоқа линиялари билан таъминлаш юзасидан шаҳарда 25 км (125 млн. сўм) линиялар ўтказилиб, 11 та умумтаълим мактаблари, 5 та соғлиқни сақлаш объектлари ва 8 та мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ қамраб олинди. Умуман шаҳримиз оптик толали тармоқ  билан қамраб олиниши бўйича ҳам вилоятимизда етакчи ўринларга чиқиб олди. Бундан ташқари, ҳозирги кунда "Ўзбектелеком" Навоий вилоят филиали билан ҳамкорликда алоҳида IT мактаби ташкил этилди.
Азиз дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни кириб келаётган Янги - 2021 йил билан чин юракдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахту саодат, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!
Буюк ва муқаддас Ватан - жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!
 
31-12-2020, 14:39
Вернуться назад