Меню
Русский Ўзбекча O'zbekcha English

“ЯНГИ КУН, НАВРЎЗИ ОЛАМ МУБОРАК!”

Зарафшон шаҳар ҳокими, А.Р.Раджабовнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан шаҳримиз аҳлига 
ТАБРИГИ
"Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Шу кунларда табиат уйғониб, баҳор келиши билан она юртимиз-Ўзбекистонимиз заминига Наврўзи олам кириб келмоқда.
Ҳаммамиз орзиқиб кутадиган, янгиланиш ва яшариш, шоду хуррамлик рамзи бўлган ана шундай энг кўҳна, олижаноб байрам билан сиз, азизларимни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.
Қадрли ватандошлар!
Барчамизга маълум, дунёда бир-биридан буюк, бир-биридан ажойиб байрамлар кўп. Лекин улар орасида Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги билан, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради.
Наврўз бу тинчлик, тотувлик, фаровонлик байрами. Миллати, динидан қатъий назар, шу юртда яшаётган барча миллат ва элатлар учун бирдек севимли айём. Кексаю ёш учун бирдек азиз шодиёна! Бу байрам оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, қадриятларини ўзида мужассам этган миллий байрамдир. Зеро, Алишер Навоий бобомиз айтганларидек,  
Ҳар тунинг қадр ўлубон,
Ҳар кунинг бўлсин Наврўз.
Наврўз шодиёналари арафасида яқин қариндошлар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларни халқимиз томонидан амалга оширилаётгани Наврўзнинг том маънода инсонлар онгу шуурида меҳр-оқибат, инсонийлик ва ватанга садоқат каби юксак туйғуларни шакллантиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. 
Халқимиз наврўзи айём шодиёналари арафасида шаҳримизнинг барча маҳаллаларида сумалак ва ҳалим, кўксомса каби баҳорий таомлар тортилган дастурхонлар атрофида ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.
Бугун юртимизда, қолаверса шаҳримизда "Дарахт экиб, боғ яратамиз, юртимизни янада обод қиламиз", деган эзгу мақсадда миллионлаб кўчатлар экилмоқда. Мана шу хосиятли кунда барчамиз йилимиз қутлуғ келсин, деҳқонларимизнинг бахтини, омадини берсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб ният қиламиз.
Азиз ватандошлар!
Барча-барчангизга ушбу байрам муборак бўлсин Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга, бутун юртимизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, файзу барака олиб келсин! Табаррук отахон ва оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари доимо ижобат бўлсин! 
Наврўзи олам Ватанимизга тинчлик ва омонлик, меҳру оқибат, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Барчамизнинг эзгу орзу-ниятларимиз ушалсин, юртимиз янада обод ва фаровон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech